алламжонов айбдор
комил алламжонов
Ушбу китоб ўртаҳол оилада туғилиб-ўсган боланинг таниш-билишсиз ва ҳеч қандай йирик маблағсиз орзусига етгани — ўзи хоҳлагандек инсон бўла олгани ҳақида. Шўх, бебош, доим янги ғоялар ва режалар билан ёниб юрадиган болакай ўз устида ишлаб, шу аснода атроф-оламдаги муҳитни ҳам ўзгартирган.
Комил Aлламжонов китобхон билан очиқча суҳбатда инсоннинг ўзига бўлган ишончини йўқотмаслик сирлари, муваффақиятга, бойлик ва эътирофга эришиш йўлида қандай йўқотишларга дуч келиши мумкинлиги ва шахсий Менини сақлаб қолиш учун нималарга эътибор бериши кераклиги ҳақида гапиради.
Ранг-баранг воқеаларга бой бу асарда муаллиф феъл-атворини шаклантирган муҳим даврлар ва турли инсонлар билан учрашувлар гоҳ ҳазиломуз тарзда, гоҳ алам билан тасвирланган; тўқима сафсаталар пучга чиқарилган, бутун мамлакатда шов-шув бўлган ҳодисаларнинг парда орти жараёни кўрсатилган, кўплаб фаразлар ва миш-мишларга нуқта қўйилган.
Комил Aлламжонов китобхонларни ўз болалиги, ёшлиги, катта ҳаётининг йўллари бўйлаб ажойиб саёҳатга чорлайди; бизнесини қандай қургани, нима учун муваффақиятсизликка учрагани ёки ғалабага эришганини, унга ким ёрдам бергани ва ким “оёғидан чалишга” урингани ҳақида, душманлари қандай қилиб дўстга айлангани ва аксинча бўлган вазиятлар тўғрисида ошкора сўзлайди. Таниқли одамларнинг шахсиятини янги ва кутилмаган тарафдан очиб беради.
Мамлакат Президентининг матбуот котиби лавозимида ишлаган даврларини хотирлаб, ўқувчини ҳокимият йўлакларидан етаклайди, кутилган имтиёзлар ўрнига елкага масъулиятнинг оғир юки тушиши маълум бўлади. Бу юк оддий инсоний шодликларга мутлақо ўрин қолдирмайди. Негаки, миллионлаб одамлар тақдири билан боғлиқ кўплаб муаммоларга ечим топишдек охири кўринмайдиган йўлга тушиб қолинади.
Комил Aлламжонов COVID-19 пандемияси вақтида мамлакатда юзага келган муаммолар ва касаллик билан бир қаторда унинг ваҳимаси билан, айрим масъул шахсларнинг лаёқатсизлиги, сохта маълумотлар тарқатилиши ва мамлакатда локдаун жорий қилиниши билан боғлиқ бошқа муаммолар билан курашишга тўғри келгани ҳақида ошкора сўзлаб беради.
Муаллиф ҳаётда ўз йўлини излаётган ёшларга мотивация бериш учун мўлжалланган бу китоб мемуар эмаслиги, ундай асар ёзишга ҳали эрталигини айтиб, ўқувчига тушунтириш беради. Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ўзгаришлар ва ислоҳотлар туфайлигина бундай китобни нашр этиш имконияти туғилиб, сўз эркинлиги эшиклари очилганини, мамлакатга янги ўзгаришлар шамоли эсганини таъкидлайди.